Перин «Ювентус»дан «Палермо»га ўтди
Перин 2018 йилда «Ювентус»га қўшилган эди.
Фото: Palermo
«Ювентус» клуби ўз расмий сайти орқали дарвозабон Маттиа Перин «Палермо»га трансфер қилинганини маълум қилди.
Туринликлар 33 ёшли голкипер билан хайрлашар экан, унинг клуб тарихидаги хизматларини алоҳида таъкидлади.
«Шу тариқа футболчининг “қора-оқлар” сафидаги муҳим даври якунланди. У доимо ишончлилиги, профессионаллиги ва жамоавий руҳи билан ажралиб турган.
Маттиа “Ювентус” дарвозасини харизма ва фидойилик билан ҳимоя қилди. У майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам жамоа учун жуда қимматли футболчи бўлиб қолди. Фаолиятининг янги босқичида унга омад тилаймиз!» — дейилади клуб баёнотида.
Перин 2018 йилда «Ювентус»га қўшилган эди. Шу вақт давомида у туринликлар сафида 71 та учрашувда иштирок этиб, жамоа билан 4 та совринни қўлга киритди.
Розикжон Султонмуродов
Журналист