Педру Нету «Ал-Ҳилол»га таклиф қилинди – манба
«Челси» ҳамда Португалия миллий жамоаси ҳужумчиси Педру Нету фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттириши мумкин.
Журналист Жанлуиджи Лонгарининг X ижтимоий тармоғида маълум қилишича, футболчининг агенти Жорже Мендеш ўз мижозини «Ал-Ҳилол» клубига таклиф қилган.
Аввалроқ «Ал-Ҳилол» ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида трансфер бозорини ўрганаётгани ва «Бавария» қанот ҳужумчиси Луис Диас бўйича музокаралар олиб бораётгани хабар қилинган эди. ОАВ маълумотларига кўра, саудияликлар клубининг ёзги трансфер бюджети 350 миллион евродан ошади. Жамоа колумбиялик футболчи учун 105–132 миллион евро оралиғида маблағ тўлашга тайёр.
«Ал-Ҳилол» ушбу трансфер ойнасида ҳужум чизиғига бир нафар легионерни аллақачон ўз сафига қўшиб улгурди.
Нидерландия миллий жамоаси вакили, 24 ёшли қанот ҳужумчиси Крисенсио Саммервилл клуб билан шартнома имзолаган.