Педри қачон майдонга қайтиши маълум бўлди
«Барселона» бош мураббийи Ханс-Дитер Флик жароҳатидан тузалган яримҳимоячи Педрининг 22 февраль куни бўлиб ўтадиган «Леванте»га қарши учрашувда иштирок этиши мумкинлигига ишора қилди.
Эслатиб ўтамиз, 23 ёшли испаниялик иқтидор тизза ости пайидаги жароҳати сабабли январ ойи охиридан буён «кўк-анорранглилар» сафида майдонга тушмаётган эди.
Каталонияликлар устози футболчининг ҳолати ҳақида шундай деди:
«Эҳтимол, у якшанба куни бўладиган баҳсда бир неча дақиқа майдонда ҳаракат қилар. Бироқ энг қувонарли жиҳат — Педрининг аллақачон умумий гуруҳда машғулотларни бошлаганидир. У биз учун жуда муҳим футболчи. Ўзининг ноёб маҳорати ва ўйин услуби билан у ўзига хос етакчи ҳисобланади. Келажакда Педри клубнинг асосий пойдеворига айланади», — дея Фликнинг сўзларини келтиради AS нашри.
Маълумот учун, жорий мавсумда Педри «Барселона» сафида барча турнирларда жами 25 та ўйинда иштирок этиб, ўз ҳисобига 2 та гол ва 8 та голли узатма ёздириб қўйишга улгурган.