Пауло Дибала фаолиятини «Бока Хуниорс»да давом эттириши мумкин
«Рома» ҳужумчиси Пауло Дибала фаолиятини Аргентинада давом эттириши ва мамлакатнинг энг машҳур клубларидан бири — «Бока Хуниорс» аъзосига айланиши мумкин. Бу ҳақда таниқли инсайдер ва журналист Маттео Моретто хабар бермоқда.
Ҳозирда Дибала жароҳати сабабли «Рома»нинг сўнгги бир неча ўйинларини ўтказиб юборди. Умуман олганда, жорий мавсумда футболчи жамоа таркибида барқарор ўйин амалиётига эга бўлмаётгани унинг Рим клубини тарк этиш эҳтимолини янада оширмоқда.
Мореттонинг маълумотларига кўра, Дибала айни дамда «Бока Хуниорс» раҳбарияти билан музокаралар олиб бормоқда. Аргентина клуби 32 ёшли ҳужумчини 2026 йилнинг июн ойида ўз сафига қўшиб олишни режалаштирган. Ўз навбатида, «Рома» ҳам молиявий харажатларни камайтириш мақсадида футболчининг юқори маошли шартномасини қайта кўриб чиқиш ёки у билан хайрлашиш вариантини ўрганмоқда.
Маълумот учун, Дибала жорий мавсумда «Рома» сафида барча мусобақаларда 22 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол ва 3 та голли узатмани амалга оширди.