Патрик Доргу жароҳати сабаб апрел ойигача сафдан чиқди
«Манчестер Юнайтед»нинг қанот ҳимоячиси Патрик Доргу сонинг орқа қисмидаги пай (тиззасимон пай) жароҳати туфайли камида 10 ҳафтани ўтказиб юборади. Бу ҳақда нуфузли The Athletic нашри хабар бермоқда.
Дания терма жамоаси аъзоси якшанба куни «Эмирейтс» стадионида кечган «Арсенал»га қарши баҳсда узоқ масофадан ажойиб гол уриб, «Юнайтед»ни ҳисобда олдинга олиб чиққан эди. Бироқ қувончи узоққа чўзилмади: кутилмаган вазиятда мувозанатни йўқотган футболчи майсага йиқилгач, оёғида кучли оғриқ сезди ва ўрнини Бенжамин Шешкого бўшатиб беришга мажбур бўлди.
Клуб шифокорлари аввалига буни оддий мушак тортиши (тиришиш) деб баҳолашган эди. Чуқурлаштирилган текширувлар жароҳат кутилганидан анча жиддий эканини кўрсатди. Агар тикланиш жараёни режа бўйича кетса, Доргу апрел ойи бошида сафга қайтади.
Катта эҳтимол билан, у 11 апрел куни «Олд Траффорд»да кечадиган «Лидс»га қарши учрашувда майдонга тушиши мумкин.