Парагвайлик футболчи Туркия билан ўйинда ҳакамнинг тушиб кетган соатини тақиб олди
Парагвай терма жамоаси яримҳимоячиси Матиас Галарса ЖЧ-2026 доирасидаги Туркияга қарши ўйин вақтида ҳакам тушириб юборган соатни ўзлаштириб олди. Мазкур баҳсда салвадорлик Иван Бартон (Санта-Ана) бош ҳакам сифатида фаолият олиб борди. Учрашувда Парагвай жамоаси (1:0) ғалаба қозонди, Галарса эса 2-дақиқадёқ ягона гол муаллифига айланди.
Биринчи бўлим якунида майдонда жанжал юзага келди. Туркиялик ҳимоячи Мерих Демирал рақиби билан туртишаётганда, тасодифан ҳакам Иван Бартоннинг қўлига тегиб кетди ва ҳакамнинг соати майдонга тушиб кетди. Ҳамма бир-бири билан жанжаллашиб ва баҳслашиб турган бир вақтда, Галарса соатни кўриб қолди, уни майсазордан олиб, ўз қўлига тақиб олди. Салвадорлик бош ҳакамга унинг соати фақат иккинчи бўлимда қайтариб берилди.
Эслатиб ўтамиз, футбол бўйича Жаҳон чемпионати 11-июндан 19-июлгача АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтмоқда. Амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина терма жамоаси ҳисобланади. Сайёрамизнинг 2022 йилги биринчилиги финалида Аргентина миллий жамоаси Франция билан тўқнаш келган эди. Ўйиннинг асосий вақти 3:3 ҳисобидаги дуранг билан якунланган, бироқ пенальтилар сериясида аргентиналиклар кучлироқ чиққан эди (4:2).