«Пахтакор» фожиаси хотирасига – «Жар»да ёрдамчи ўйин
14 август куни Тошкентдаги «Жар» стадионида «Пахтакор» клуби тарихидаги энг фожиали воқеалардан бири — 1979 йилги авиаҳалокат қурбонларини ёд этиш мақсадида ёрдамчи ўйин бўлиб ўтади. Хотира тадбирига Россиядан таниқли футбол ветеранлари делегацияси ташриф буюради.
11 август 1979 йили Днепродзержинск (Украина ССР) осмонида икки Ту-134 самолёти тўқнашиб, 178 киши ҳалок бўлган эди. Улар орасида Минскка чемпионат ўйинига йўл олган «Пахтакор»нинг 17 футболчиси ва мураббийлар штаби ҳам бор эди.
Тошкентдаги ўйинда постсовет майдонларида яхши танилган номдорлар тўп суришади. Россия шарафини 1980-йилларда дунёнинг энг яхши дарвозабонларидан бири саналган Ринат Дасаев, УЕФА Кубоги ва Чемпионлар лигаси финалларида гол урган ягона россиялик Дмитрий Аленичев, унинг «Спартак»даги ҳамда Россия термасидаги шериги, олти карра мамлакат чемпиони Егор Титов, шунингдек, собиқ СССР чемпиони Валерий Шмаров ҳимоя қилади.
Ўзбекистон ветеранлар жамоаси таркибида эса миллий футбол рамзларидан бири — ҳозирги миллий терма жамоа бош мураббийи, собиқ сардор Тимур Кападзе, икки карра Осиёнинг энг яхши футболчиси Сервер Жепаров ва ўтмишдаги етакчи яримҳимоячи Миржалол Қосимов майдонга чиқади. Уларга СССР чемпиони (1988) ва 1998 йилги Ўзбекистон чемпионати тўпурари Игорь Шквырин қўшилади.
Ўйин маҳаллий вақт билан соат 19:00 да старт олади. 8,5 минг томошабин сиғадиган «Жар» стадионига кириш барча мухлислар учун бепул бўлади.