Қозоғистонлик UFC жангчиси бир йилга дисквалификация қилинди
Энг енгил вазн тоифасидаги (57 кг гача) қозоғистонлик UFC жангчиси Алиби Идирис муваффақиятсиз топширилган допинг-тест натижасига кўра бир йилга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Идириснинг қонидан гидрохлоротиазид моддаси топилган. Бу модда дорихоналарда сотиладиган диуретик бўлиб, спортчилар одатда вазн ташлаш жараёнини тезлаштириш учун ундан фойдаланадилар. Мазкур тақиқланган модда спортчининг феврал ойида бўлиб ўтган UFC Fight Night 267 турниридаги иштирокидан бир неча кун аввал олинган таҳлил намунасидан аниқланган.
Алиби Идирис ҳозирда 31 ёшда. Қозоғистонлик спортчи профессионал аралаш яккакураш (MMA) устаси сифатида 2019 йилда дебют қилган бўлса, 2025 йилдан буён UFC шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Унинг мазкур нуфузли ташкилотдаги ҳисобида ҳозирча битта ғалаба ва битта мағлубият мавжуд.