Қозоғистонлик 19 ёшли футболчи ўйин вақтида вафот этди
Диас Тулеу 2006 йилнинг 4 май санасида туғилган.
Фото: Sport.kz
Қозоғистон чемпионати биринчи лига вакили “Хан-Тенгри” клуби ҳужумчиси Диас Тулеу вафот этди. Бу ҳақда Қозоғистон футбол федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Футболчи “Хан-Тенгри” ҳамда “Экибастуз” ўртасидаги ўйинни асосий таркибда бошлаган.
Бироқ иккинчи бўлимда ўзини ёмон қилгани боис, майдондан замбилда олиб чиқилган. Тиббиёт ходимлари зудлик билан футболчига ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилган.
Шифокорларнинг барча уринишларига қарамай, Диас Тулеуни ҳаётга қайтариб бўлмаган.
“Бу оғир дамларда Диаснинг оиласи, яқинлари ва “Хан-Тенгри” жамоасига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Унинг хотираси юрагимизда мангу сақланиб қолади”, дейилади федерация баёнотида.
Розикжон Султонмуродов
Журналист