Отабек Шукуров «Машъал»га мотивация берди
Отабек Шукуров «Машъал»га мотивация берди. Бу ҳақида «Машъал» футбол клуби расмий саҳифаси хабар бермоқда.
«Суперлига доирасидаги учрашувдан сўнг Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, «Машъал» академияси тарбияланувчиси Отабек Шукуров Тошкентда жамоамиз футболчилари билан учрашди.
Учрашув давомида Шукуров футболчиларга илиқ тилакларини билдириб, мавсумнинг қолган қисмида ишонч, жипслик ва курашчанлик билан ҳаракат қилишга чорлади. Ўзи босиб ўтган футболчилик йўли ҳақида гапириб, меҳнат ва интизом ҳар қандай футболчини катта ютуқларга олиб чиқишини таъкидлади.
Шунингдек, Отабек Шукуров жамоага ўз имзоси туширилган эсдалик футболкасини совға қилди. Бу совға футболчилар учун ёқимли хотира ва қўшимча мотивация бўлди.
Айтиш жоизки, Отабек Шукуров айнан «Машъал» академиясида камол топиб, катта футболга йўл олган. Академия бугунги кунга қадар Ўзбекистон футболига Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров ва бошқа кўплаб иқтидорли футболчиларни етиказиб берган юртимиздаги энг нуфузли футбол мактабларидан бири ҳисобланади», - деб ёзилади клуб расмий саҳифасида.