Отабек Нарзуллаев: Агар имкониятлардан фойдаланганимизда, 5:0 ёки 6:0 ҳисобида ютган бўлардик
Ўзбекистон Суперлигасининг 29-туридан ўрин олган “Машъал” – “Навбаҳор” (0:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Отабек Нарзуллаев иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.
Муборакликлар устози одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
- Бугун биз учун қийин кун бўлди. Шунча вазият яратиб, бирорта ҳам гол ура олмадик. Агар имкониятлардан фойдаланганимизда, 5:0 ёки 6:0 ҳисобида ютган бўлардик. Нима ҳам дердим, ишлашда давом этамиз. Кейинги баҳсларда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
- Бугун “Машъал” захира ўриндиғидан U-21 жамоасининг уч нафар футболчиси жой олиб, қайдномага киритилди...
- Ёшларга ҳам имконият бериш керак, улар шу орқали ўсиб боради. Учрашувнинг 2-бўлимида майдонга тушган ёшлар ўйинга тезлик олиб кира олди. Фақат вазиятлардан фойдалана олмаганимиз нотўғри бўлди.
- Жамоангиз гол ура олмагани нимагa боғлиқ? Омадсизлик туфайлими ёки чарчоқ аломати ми?
- “Навбаҳор” биз билан қарши ҳужумга таянилиб ўйнади. Агар жамоамизда жисмоний толиқиш бўлганида, бундай бўлмасди. Бугун иккинчи бўлимни кўринг, фақат биз ҳужум қилдик. Гол ура олмаганимиз совуққонлик етишмагани билан боғлиқ.
- Келаси мавсумга режаларингиз?
- Бу борада ҳали ўйлаганимиз йўқ. Чунки ҳали мавсум тугамади. Олдин мавсумни тугатиб олайлик, кейин буни раҳбарият ҳал қилади.