От спорти. Халқаро от спорти раҳбарлари билан учрашув
2026 йил 10–23 август кунлари Германиянинг Ахен 🇩🇪 шаҳрида FEI — Халқаро от спорти федерацияси томонидан ташкил этиладиган Жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Тўрт йилда бир марта ўтказиладиган мазкур нуфузли мусобақа от спорти оламидаги энг муҳим ва йирик спорт тадбирларидан бири саналади.
Жаҳон чемпионати якунига етгач, халқаро от спорти соҳасининг етакчи вакиллари иштирокида тантанали кечки овқат уюштирилди. Мазкур нуфузли тадбирда Ўзбекистон от спорти федерацияси раиси Ғазиев Баҳромжон ҳамда Федерация Бош котиби Шадихўжаев Алохўжа иштирок этдилар.
Тадбир давомида Ўзбекистон вакиллари Халқаро от спорти федерацияси Президенти Ingmar De Vos ва FEI Бош котиби Sabrina Ibáñez билан учрашиб, халқаро от спортнинг бугунги ривожи, мамлакатимизда ушбу спорт турини янада оммалаштириш ва Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги иштирокини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Бундай учрашувлар Ўзбекистон от спортининг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганининг муҳим далилидир. Жаҳон чемпионатида илк бор икки нафар ўзбекистонлик чавандознинг иштирок этгани билан бошланган тарихий қадам халқаро от спорти раҳбарлари билан ўрнатилаётган янги алоқалар орқали янада мустаҳкамланмоқда.