Осимхен «Галатасарой»ни тарк этиши мумкин
Нигерия терма жамоаси ва «Галатасарой» ҳужумчиси Виктор Осимхеннинг келажаги ёзги трансферлар ойнаси арафасида сўроқ остида қолмоқда, деб хабар беради Football Italia.
27 ёшли футболчи 3 июнь куни Польшага қарши бўлиб ўтадиган ўртоқлик ўйини учун Нигерия терма жамоасининг қайдномасига киритилмади. Терма жамоа бош мураббийининг сўзларига кўра, эҳтимолий трансфер атрофидаги вазият футболчининг бор диққатини миллий жамоа ўйинларига қаратишига халақит бериши мумкин.
Манбага кўра, Осимхенга А Сериянинг бир нечта клуби, жумладан, «Ювентус» ва «Рома» қизиқиш билдирмоқда.
Нигериялик футболчининг келажаги борасидаги қарор шу ёзнинг ўзида қабул қилиниши мумкин. Бу мавсумда Туркия чемпионатида Осимхен 22 та ўйинда 15 та гол урди ва бешта голли узатмани амалга оширди. Чемпионлар лигасида эса унинг ҳисобида 10 та учрашувда еттита гол ва учта голли узатма бор.