«Осасуна» — «Реал» учрашувидан сўнг мезбонларнинг икки нафар мухлиси ҳибсга олинди
Ла Лиганинг 25-тури доирасида ўтган «Осасуна» ва «Реал Мадрид» (2:1) жамоалари ўртасидаги баҳсда кўнгилсиз воқеа юз берди. Marca нашри хабарига кўра, мезбон жамоа мухлисларидан бири мадридликлар дарвозабони Тибо Куртуага қарата шиша идиш улоқтирган.
Бельгиялик посбон ушбу буюмни ҳакамга топширган, рефери эса ўз навбатида вазият ҳақида масъул шахсларга маълум қилган. Ўйин якунлангач, стадион қўриқлаш хизмати ходимлари ҳуқуқбузарни аниқлаш мақсадида трибунага кўтарилган, бироқ бу мухлислар ва хавфсизлик ходимлари ўртасидаги тўқнашувга айланиб кетган. Вазиятга миллий полиция аралашишига тўғри келди ва натижада икки киши ҳибсга олинди.
Маълумот ўрнида, ушбу мағлубиятга қарамай, «Реал Мадрид» 25 та турдан сўнг 60 очко билан турнир жадвалида пешқадамликни давом эттирмоқда.