Ориф Оновров “Сурхон” футбол академияси директори лавозимига тайинланди
"Сизларга мамнуният билан маълум қиламизки, футбол клубимиз ҳузурида футбол академияси расман ўз фаолиятини бошлади. Маълумки, жамоамизни ривожлантириш стратегияси ёш футболчиларни тарбиялаш ва уларни ривожлантиришга асосланган. Сурхондарё вилояти доимо истеъдодларга бой ҳудуд сифатида танилган ва бу ҳолат клубнинг ёшлар футболини ривожлантириш борасидаги қатъий ниятини яна бир бор тасдиқлайди.
Шу муносабат билан клуб томонидан Ориф Оновровни академия директори лавозимига тайинлаш ҳақида қарор қабул қилинди. Ориф Мусулмонқулович Оновров ёшлар футбол бўйича етакчи мутахассислардан бири бўлиб, бунгача у Сурхондарё футболида турли лавозимларда фаолият олиб борган. Ўтган йили эса у “Сурхон” U19 жамоаси билан муваффақиятли ишлаб, жамоани плей-офф босқичигача олиб чиққан.
Клуб номидан Ориф Мусулмонқуловичга янги лавозимида муваффақиятлар тилаймиз — клуб ва Сурхондарё футбол ривожи йўлида", — деб ёзилади клуб расмий саҳифасида.