Олий лиганинг 2-тур баҳслари жамоаларни яна Жиззахда жамлайди
Олий лиганинг 2-тур баҳслари жамоаларни яна Жиззахда жамлайди
Мамлакат XXX миллий чемпионати — Олий лиганинг 2-тур баҳслари ҳам Жиззах шаҳридаги Вилоят футбол академияси спорт залида бўлиб ўтади. Тур учрашувлари 30-сентябрдан 5-октябрга қадар давом этади.
Мазкур турда ҳам мухлисларни деярли ҳар куни бир қатор қизиқарли ва муросасиз учрашувлар кутиб турибди. Айниқса, 2-тур ўтган мавсум вице-чемпиони “SQB” жамоаси учун анча қийин тақвимни тақдим этмоқда. Пойтахтликлар турни Лига дебютанти “Сайхун”га қарши ўйин билан бошлайди ва амалдаги чемпион BMB, шунингдек, беш карра Ўзбекистон чемпиони “Олмалиқ”қа қарши учрашувлар билан якунлайди.
Шунингдек, бу йилги мавсум пешқадамлари BMB — Нурафшон учрашуви ва қолган жамоалар ўртасидаги баҳслар ҳам мухлислар эътиборида бўлиши шубҳасиз. Шундай экан, тақдим этилаётган тақвим асосида 2-тур учрашувларини кузатиб боришни тавсия этамиз.
Ўзбекистон футзал федерацияси 2-турдаги барча учрашувларни ўзининг YouTube канали орқали жонли эфирда намойиш этишни режалаштирган.