Огастин Чиди Квем – «Машъал» футболчиси
Муборакнинг «Машъал» футбол клуби янги мавсум олдидан таркибни кучайтириш йўлида навбатдаги муҳим қадамни ташлади. Жамоамиз нигериялик тажрибали марказий ҳужумчи Огастин Чиди Квем билан расмий шартнома имзолади.
28 ёшли форвард «газчилар»нинг олдинги чизиғида асосий кучга айланиши кутилмоқда. Бўйи 187 сантиметр бўлган футболчи жисмоний тайёргарлиги, ҳаво курашларидаги устунлиги ва рақиб жарима майдонидаги фаоллиги билан ажралиб туради. Transfermarkt маълумотларига кўра, Квемнинг бозор қиймати 350 минг евро деб баҳоланган бўлиб, бу уни жамоадаги энг қиммат легионерлардан бирига айлантиради.
Чиди Квем профессионал фаолияти давомида асосан Жанубий Африка ва Вьетнам чемпионатларида тўп сурган. У Жанубий Африка Премьер-лигасида «Чиппа Юнайтед», «TS Galaxy» ва «AmaZulu» клублари шарафини ҳимоя қилган. Айниқса, «AmaZulu» сафидаги ўйинлари эътиборга молик бўлиб, қарийб 50 учрашувда 11 бор рақиб дарвозасини ишғол этган. Ўзбекистонга келишидан олдин эса Вьетнамнинг «Ханой» ҳамда Ироқнинг «Ал-Нафт» жамоаларида ҳаракат қилган.