ОФК Элит ҳакамлари семинари бошланди
Бугун Миллий футбол марказида Осиё футболи ҳакамлиги тараққиётида муҳим ўрин тутувчи ОФК Элит ҳакамлари семинари ўз ишини бошлади. Эътиборлиси, мазкур нуфузли семинар Ўзбекистон мезбонлигида илк бор ташкил этилмоқда.
Семинарда Осиёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган 92 нафар элит тоифадаги ҳакам, 6 нафар ОФК вакили ҳамда 6 нафар ОФК инструктори иштирок этмоқда.
Ўқув-семинар 7-август кунига қадар давом этади ҳамда ҳакамларнинг назарий билимлари, амалий кўникмалари ва жисмоний тайёргарлигини янада юксалтиришга қаратилган. Семинар дастури назарий ва амалий машғулотларни ўз ичига олган.
Куннинг биринчи ярмида иштирокчилар FIFA ва ОФКнинг замонавий талаблари, футбол қоидаларига киритилган сўнгги ўзгартишлар, ўйин вазиятларини таҳлил қилиш ҳамда ҳакамлик қарорларини баҳолаш бўйича дарсларда қатнашмоқда.
Куннинг иккинчи ярмида эса эгалланган билимлар футбол майдонидаги амалий машғулотлар орқали мустаҳкамланиб, ўйин бошқаруви, тўғри позиция танлаш ва қарор қабул қилиш бўйича кўникмалар янада такомиллаштирилмоқда.