Одил Абдумажидов: Мақсад ва барчасини тушунтирганидан кейин “Андижон”га ўтишига қарор қилдим
“Андижон” клуби қишки трансфер ойнасида таркибини сезиларли даражада кучайтирётганидан хабарингиз бор.
Куни кеча истеъдодли ҳимоячи Одил Абдумажидов расман “Бургутлар” аъзоси сифатида таништирилди.
Шундан сўнг клуб матбуот хизмати ушбу футболчи билан суҳбатлашди.
- Одилжон, "Андижон" клубига ўтганингиз билан табриклайман. Бу қандай юз берди?
- Табрик учун катта раҳмат. 3-4 та таклифлар бўлаётганди. Ўзимиздаги чемпионатдан ҳам, хориждан ҳам қизиқишлар бор эди. Шуларни кўриб чиқар эдим. Кейин Самвел Вячеславович чақирди ва биз кўришдик. Мақсад ва барчасини тушунтирганидан сўнг “Андижон”га ўтишимга қарор қилдим. Бу таклиф менга маъқул келди.
- Катта футболга Андижонда қадам қўйгансиз ва сиз уйингизга қайтдингиз. Бу сиз учун нима англатади?
- Ўзим туғилиб ўсган жой. Ота-онам, яқинларим ҳаммаси шу ерда. Барибир, Андижонда яқинларинг кўз ўнгида тўп суриш бошқача завқ бағишлайди. Масъулияти ҳам бошқача бўлади. Ҳаммаси яхши бўлади, деган умиддаман.
- Янги мавсумда жамоанинг мақсади катта. Сиз эса унинг бир бўлагига айланяпсиз. Масъулият юки оғирлик қилмайдими?
- Ҳеч қандай оғирлик қилмайди. Аксинча, қанча масъулият юқори бўлса, футболчи ўсиб боради. Бу менга ўсишимга катта ёрдам беради, деб ўйлайман. Анчадан бери футбол ўйнайман. Ҳар хил жойларда ўйнадим. Барчаси жойида бўлади.
- Бу йил “Турон”да ва кейин “Шўрта”да ўйнадингиз. Лекин “Шўртан” лигадан чиқиб кетди. Шундай экан, орқада қолган мавсум ҳақида нима дея оласиз?
- Қийин ўтди, дея олмайман. Футболда ҳар хил ҳолатлар бўлади. “Шўртан”га келган пайтимда жамоа охирги ўринда эди. Жамоани сақлаб қолиш учун ўзимга максимал мақсад қўйганман ва шу учун ҳаракат қилдим. Бу футбол. Биз қўлимиздан келганича сабабини қилдик. Насиб қилмади. Лекин кўп нарса олдим ва ўргандим, деб бемалол айта оламан.
- “Андижон” клубидаги ўзгаришларни сиз ҳам диққат билан кузатиб бормоқдамисиз? Фикрингиз қандай?
- Албатта, кузатиб бораман. Мураббий жамоани максимал кучайтириш ва ўз тактикасига тўғри келадиган савияли ўйинчиларни олиш ҳаракатида. Яхши футболчилар олиняпти ва ҳаммаси яхши бўлади.