“Ньюкасл” янги клуб эмблемасини тақдим этди
Англиянинг “Ньюкасл Юнайтед” клуби янгиланган эмблемасини расман намойиш қилди. Бу клуб логотипидаги 1988 йилдан бери амалга оширилган илк ўзгариш бўлди. Бу ҳақда “Ньюкасл”нинг расмий сайти хабар бермоқда.
Манбага кўра, янги дизайн аввалги эмблемадан кескин фарқ қилмайди. Клуб тарихий унсурларни — қалъа тасвири, қора-оқ қалқон, денгиз отлари ва тасмани сақлаб қолган, бироқ уларни замонавийроқ ва рақамли платформаларга мосроқ шаклда қайта ишлаган.
Эмблемани янгилаш жараёни икки йил давом этган. Клуб турли сўровлар ва мухлислар билан учрашувлар ўтказган, натижада тарафдорларнинг асосий талаби мавжуд рамзларни сақлаб қолиш ва дизайнни бутунлай ўзгартирмаслик бўлган. “Ньюкасл” маълумотига кўра, сўров қатнашчиларининг 84 фоизи амалдаги эмблемага таянган ҳолда янгиланишни қўллаб-қувватлаган.
Маълумот учун, янги эмблема клуб формасида келаси мавсумдан бошлаб қўлланади. “Ньюкасл”нинг аввалги эмблемаси 1988 йилдан буён деярли ўзгармаган эди.