“Ньюкасл” Льюис Холлга янги шартнома таклиф қилмоқчи
“Ньюкасл” ҳимоячи Льюис Холл билан ҳамкорликни узайтиришни режалаштирмоқда. TEAMtalk маълумотига кўра, инглиз клуби 21 ёшли футболчи билан янги, яхшиланган шартнома бўйича музокараларни бошлашга тайёрланмоқда.
“Қарғалар” Холлнинг маошини сезиларли даражада оширмоқчи. Бунга футболчига “Манчестер Юнайтед” томонидан билдирилаётган жиддий қизиқиш сабаб бўлмоқда. Манчестер клуби ёзда уни трансфер қилишга уринган, бироқ келишув амалга ошмаган.
Манбаларга кўра, “Манчестер Юнайтед” Холл трансферига 2027-йилда яна қайтишни режалаштирмоқда. “Ньюкасл” эса асосий ҳимоячиларидан бирини узоқ муддат жамоада сақлаб қолиш учун янги шартнома орқали унинг келажагини кафолатламоқчи.
Маълумот учун, Холлнинг “Ньюкасл” билан амалдаги шартномаси 2029-йилнинг ўрталаригача мўлжалланган. Transfermarkt футболчининг бозор қийматини 40 миллион еврога баҳоламоқда. Жорий мавсумда у барча турнирлар доирасида 3 та учрашувда майдонга тушган.