Нурсултон Қурман: Ўртоқлик учрашувлари икки мамлакат ёшлари учун ҳам фойдали бўлди
"Ўртоқлик учрашувлари икки мамлакат ёшлари учун ҳам фойдали бўлди"
Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон ёшлар терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувларидан кейин Қозоғистон футзал ассоциацияси президенти Нурсултон Қурман ўз фикр мулоҳазаларини билдирди.
- Дини, урф-одатлари бир бўлган икки қариндош мамлакат ёшлар терма жамоалари ўртасида футзал бўйича ташкил этилган ўртоқлик учрашувлари менинг назаримда ҳар иккала терма жамоа учун фойдали бўлди. Аввало бизнинг таклифимизни қабул қилиб, назорат учрашувларида иштирок этишига рухсат берган қариндош мамлакат футзал федерацияси раҳбариятига, ёшлар терма жамоасининг барча ўйинчи ва мураббийлар штабига ўз миннатдорчилигимизни билдираман.
Мазкур ўртоқлик учрашувлари иккала жамоа учун ҳам тажриба мактаби вазифасини ўтаб беради. Айнан мана шу ёшлар икки мамлакат миллий терма жамоаларининг эртанги куни, истиқболи десак, адашмаймиз. Бевосита Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига тўхталиб ўтадиган бўлсам, уларнинг истеъдоди, маҳорати менда катта таассурот қолдирди. Барча чизиқлардаги боғламлар мукаммал ишланган.
Иккинчи ўртоқлик учрашувида ўзбекистонлик ёшлар биринчи баҳсдагидан-да уюшқоқлик билан ҳаракат қилишди ва мезбонларни ҳайжонланишга мажбур этишди. Ўзбек ёшларига келгуси фаолиятларида улкан зафарлар ёр бўлишини тилайман. Олимп чўққиларини забт этишда ҳормай толмай меҳнат қилишдан тўхташмасин. Терма жамоаларимиз ўртасидаги алоқалар эса янада мустаҳкамланиши тарафдориман.