Нойер «Шалке»нинг Бундеслигага қайтишини хоҳламоқда
Мюнхеннинг «Бавария» клуби дарвозабони Мануэль Нойер «Шалке»ни яна Бундеслигада кўришни истаганини айтди.
У ушбу клуб тарбияланувчиси бўлиб, катта футболга ҳам айнан «Шалке» сафида кириб келган ва 2006–2011 йиллар оралиғида жамоа шарафини ҳимоя қилган.
«Албатта, бу жуда ажойиб бўларди. Улар бунга анчадан бери интилишмоқда ва эҳтимол янги мураббий билан мавсум бошланиши бунчалик яхши кетади, деб ўйламаган ҳамдир. Дастлаб бироз шубҳалар бўлган бўлиши мумкин, аммо улар яхши суръатга кирди. Улар ўзларига содиқ қолишяпти, мураббий ва штаб кўрсатмаларига амал қилишмоқда.
Уларнинг меҳнати кўриниб турибди, энди ҳаммаси ўз қўлларида. Муҳими, «Шалке» диққатни йўқотмасин ва ўз ўйин услубида давом этсин», — дея Нойердан иқтибос келтиради Sky Sport Germany.
Ҳозирда «Шалке» 31 очко билан Иккинчи Бундеслигада пешқадамлик қилмоқда.