locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Нодир Элибoев: Мухлисларимизнинг фикрларини эътибор билан кузатиб борамиз

Ўзбекистон футзал миллий жамоаси бош мураббийи УФФ расмий саҳифасига фикр билдирди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Нодир Элибoев: Мухлисларимизнинг фикрларини эътибор билан кузатиб борамиз
photo: UFF

Осиё кубоги — 2026 саралаш мусобақаси "F" гуруҳи баҳслари якунга етгач, биз Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Нодир Элибoевни суҳбатга чорладик. Мулоқот давомида саралаш баҳслари якунлари, терма жамоанинг яқин келажакдаги мақсад ва режалари ҳақида суҳбатлашдик.

— Қирғизистонга қарши кечган учрашув ҳақида қандай фикрдасиз?
— Ачинарлиси, кутилган натижага эриша олмадик. Бугунги ўйинда асосий дарвозабонимиз Аббос Ўлмасбеков аввалги учрашувларда олган жароҳати қайталаб қолди ва уни заҳирадаги дарвозабонга алмаштиришга мажбур бўлдик. Бежизга «дарвозабон — ярим жамоа» деб айтилмайди. Унинг ўрнини эгаллаган Шавкат Иброҳимов учун бу илк расмий ўйин бўлди ва дебютга яраша яхши ҳаракат қилди. Ундан норозиман дейиш нотўғри бўларди.
Қирғизистон терма жамоасининг кучли рақобат кўрсатишини кутгандик. Чунки ўзаро ўйинлар тарихига назар ташласак, улар бизга қарши 15 марта майдонга тушиб, фақат бир бор ғалаба қозонган. Бу сафар эса ўз майдонларида энг кучли таркибини тўплаб туша олдилар. Биз эса, айрим объектив ва субъектив сабаблар туфайли, оптимал таркиб билан иштирок этиш имконига эга бўлмадик.

— Дарвозабон билан боғлиқ муаммолардан ташқари, мағлубиятга бошқа сабаблар ҳам борми?
— Албатта. Фақатгина дарвозабон масаласи билан чекланиб бўлмайди. Ҳозирги таркибимиз аввалгисидан анча фарқ қилади. Биз жамоани ёшартириш йўлини танладик. Бу — фақат Осиё чемпионати эмас, балки кейинги 10 йилдаги истиқбол, хусусан Жаҳон чемпионатларига тайёргарликни кўзда тутган стратегик қарор ҳисобланади.
“Ўтиш даври”да маълум қийинчиликлар, натижаларда узилишлар бўлиши табиий. Энг муҳими — хулоса чиқариш, йўналишдан чеккинмасдан, бундан кейинги ишларни тўғри ташкил этиш.

— Бундай вазият фақат Ўзбекистон терма жамоасига хосми ёки бошқа жамоаларда ҳам кузатиладими?
— Бу нафақат футзал, балки барча жамоавий спорт турлари учун табиий жараён. Масалан, Қирғизистон терма жамоаси 2022 йилги Осиё чемпионати саралашидан ўта олмаган. Яъни, бугунги муваффақият — узоқ муддатли ислоҳотлар натижаси. Ҳатто иқтисодий жиҳатдан барқарор бўлган Хитой ҳам бу йил саралаш босқичидан ўта олмади. Демак, бу узоқ ва мураккаб жараён бўлиб, кўплаб омилларга боғлиқ.

— Мухлислар тажрибали ўйинчилар, жумладан, Дилшод Раҳматов, Ихтиёр Ропиев ва Анаcхон Раҳматовлар нега жамоага жалб этилмаганини сўрашмоқда. Бу ҳақда қандай жавоб берасиз?
— Мухлисларимизнинг фикрларини эътибор билан кузатиб борамиз. Дилшод Раҳматов фаолиятини якунлаб, ҳозирда БМБ футзал клубида бош мураббий сифатида ишлаяпти. Ихтиёр Ропиев ва Анаcхон Раҳматов эса янги мавсум арафасида маълум вақт ўйин амалийотисиз қолишди.
Биз уларнинг тажрибаси, маҳоратига шубҳа қилмаймиз ва зарур пайтда терма жамоага жалб қилишимиз мумкин. Лекин бугунги куннинг реалияти — ёшларга имконият бериш, муносиб ўринбосарлар тайёрлаш. Буни биз устувор вазифа деб ҳисоблаганмиз.

— Асосий дарвозабон Аббос Элмуродов нима сабабдан саралаш баҳсларида иштирок этмади? Шунингдек, Суннат Жўраев ва Даврон Чорияевлар ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
— Аббос Элмуродов ёзги йиғинда жароҳат олган ва ҳозирда шифокорлар назоратида муолажа оляпти. Яқин вақт ичида сафга қайтиши кутиляпти. Даврон Чорияев ҳам жиддий жароҳатдан сўнг индивидуал машғулотларни бошлади ва унинг тез орада жамоамизга ёрдам беришига умид қиламиз. Суннат Жўраев эса ҳозирча тўлиқ тиканмаган. Унинг тиканиш жараёни бираз чўзиляпти.

Шунингдек, мухлисларимизга яхши таниш бўлган ака-ука Солиховлар ҳам мураббийлар штаби диққат марказида турибди. Уларинг ҳолати ва формада эканлиги доимий баҳолаб борилади.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг