Нўъмон Ҳасанов «Истаравшан» жамоаси бош мураббийига айланди
Ўзбекистонлик таниқли мутахассис Нўъмон Ҳасанов Тожикистоннинг «Истаравшан» клуби бош мураббийи этиб тайинланди.
Қайд этиш жоиз, бу Ҳасановнинг «Истаравшан»даги учинчи фаолияти ҳисобланади. У аввал 2022 йилда ҳамда 2024 йилги мавсумда Тожикистон клубини бошқарган.
«Истаравшан» 2026 йилги мавсумни муваффақиятсиз бошлади. Жамоа дастлаб Шерали Бобокулов қўл остида ҳаракат қилди, аммо олти турдан сўнг атиги 3 очко жамғариб, бирор марта ғалаба қозона олмади. Кейин клуб иронияллик мутахассис Амин Субҳонини ишга таклиф қилди, бироқ у билан ҳам узоқ муддатли ҳамкорлик амалга ошмади.
Энди клуб раҳбарияти жамоани инқироздан олиб чиқиш вазифасини Нўъмон Ҳасановга ишониб топширди. Мутахассисдан асосий мақсад — жамоанинг натижаларини яхшилаш ва «Истаравшан»нинг Тожикистон олий лигасидаги ўрнини сақлаб қолиш.
Мураббий Ўзбекистонда «Пахтакор», «Қўқон-1912» ва «Навбаҳор» каби жамоаларда ишлаган. «Пахтакор»даги фаолияти давомида у қарийб бир йил бош мураббийлик қилган, шунингдек «Навбаҳор»да Андрей Канчельскиснинг ёрдамчиси сифатида фаолият юритган.