Нўъмон Ҳасанов «Истаравшан» бош мураббийлигидан кетди
Ўзбекистонлик таниқли мутахассис Нўъмон Ҳасанов Тожикистоннинг «Истаравшан» клуби бош мураббийи лавозимини тарк этди. Бу ҳақда Sports24.uz хабар берди.
Ҳасанов учун «Истаравшан» бегона жамоа эмас. У Тожикистон клубини бир неча бор бошқарган. Илк бор мутахассис 2022 йилда «Истаравшан» бошқарувини қўлга олган эди. Ўша мавсумда жамоа Тожикистон чемпионатида мураккаб вазиятга тушиб қолди ва мавсум якунида юқори дивизионни тарк этди.
Шундан сўнг Нўъмон Ҳасанов «Хўжанд» клубида ҳам ишлади. 2023 йил май ойида у ушбу жамоа бош мураббийи этиб тайинланган, аммо натижалар қониқарли бўлмагани сабабли кўп ўтмай клубни тарк этган.
2024 йилда Ҳасанов яна «Истаравшан»га қайтди. У март ойида жамоа бошқарувини қабул қилиб, бир неча ой ишлади. Август ойида эса мутахассис истеъфога чиқиш ҳақида ариза бергани ва кейинчалик клуб раҳбарияти томонидан унинг сўрови қаноатлантирилгани хабар қилинган эди.
2026 йилда эса Ҳасанов «Истаравшан»га яна қайтиб, жамоани бошқарган эди. Шу тариқа, бу унинг Тожикистон клубидаги учинчи фаолияти бўлганди.