«Ницца» Лига 1да қолди. «Сент-Этьен» жавоб баҳсида йирик ҳисобда тор-мор этилди
Франция Лига 1 ва Лига 2 ўртасидаги ўтиш турнирининг жавоб учрашуви якунланди. Унда Лига 1 вакили «Ницца» ўз майдонида «Сент-Этьен» жамоасини қабул қилди. Ушбу баҳс мезбонларнинг 4:1 ҳисобидаги йирик ғалабаси билан якунланди.
Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлимнинг 62-дақиқасида мезбонлар ярим ҳимоячиси Жонатан Клосс ҳисобни очди. 79-дақиқада «Сент-Этьен» сафида тўп сураётган Зурико Давиташвили пеналтини аниқ амалга ошириб, мувозанатни тиклади.
Бироқ ўйин якунида мезбонлар дахшатли темп намойиш этишди. 81-дақиқада Кайл Будаш «Ницца»ни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, 87-дақиқада Элие Ваи жамоасининг учинчи голини киритди. Учрашувга қўшиб берилган дақиқаларда (90+3) эса ўша Элие Ваи дублини расмийлаштириб, якунги нуқтани қўйди.
Жамоаларнинг дастлабки учрашувида 0:0 ҳисоби қайд этилган эди. Икки ўйин натижасига кўра (4:1) ғалаба қозонган «Ницца» ўз ўрнини сақлаб қолди ва келгуси 2026/2027 йилги мавсумда ҳам Франция Лига 1 мусобақасида иштирок этиш ҳуқуқини кафолатлади.