Нилуфар Қудратова: Бир ойдан буён Австралиядамиз ва ўз ўйинимизни кўрсатиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз
Матбуот анжумани: “Melbourne City WFC” – “Насаф”
Бугун аёллар ўртасидаги Осиё Чемпионлар Лигаси чорак финал босқичи доирасида Melbourne City WFC ҳамда Насаф жамоалари ўртасидаги учрашув олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Насаф бош мураббийи Ботир Қодирқулов ҳамда жамоамиз сардори Нилуфар Қудратова иштирок этди.
Ботир Қодирқулов:
— Биз мусобақанинг қайси босқичига етиб келганимизни жуда яхши тушуниб турибмиз. Жамоанинг тайёргарлиги яхши ҳолатда. Эртага ижобий натижага эришамиз, деган умиддаман.
Савол: Терма жамоанинг аёллар ўртасидаги Осиё Кубогидаги иштироки билан табриклаймиз. Аммо ҳали асосий вазифа бажарилмади. Жамоангиз футболчилариing аксарияти ушбу мусобақада қатнашди. Бу ҳолат эртанги ўйинга қанчалик таъсир қилади?
Нилуфар Қудратова:
— Осиё Кубоги бизга катта тажриба берди. Кўплаб жамоадошларим терма жамоада иштирок этди ва бу биз учун муҳим босқич бўлди. Мақсадимиз — жаҳон чемпионатига чиқиш ва бунинг учун курашни давом эттирамиз. Эртанги ўйинга келадиган бўлсак, жамоанинг кайфияти аъло даражада. Биз бир ойдан буён Австралиядамиз ва ўз ўйинимизни кўрсатиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
Савол: Осиё Кубогидан кейин футболчиларнинг жамоага қайтиши эртанги ўйинда қанчалик ёрдам беради?
Ботир Қодирқулов:
— Ушбу мусобақа футболчиларимизга катта тажриба берди. Биз анчадан буён шу ерда тайёргарлик олиб бормоқдамиз. Жамоамизнинг кайфияти ҳам, тайёргарлиги ҳам яхши ҳолатда. Эртанги ўйинда бор имкониятимизни ишга соламиз.
Савол: “Melbourne City” жамоаси ўтган мавсум финалгача етиб борган. Рақиб ҳақида фикрингиз?
Ботир Қодирқулов:
— Рақибимизнинг салоҳиятидан хабардормиз. Уларнинг ўйинларини таҳлил қилдик. Яхши шаклланган жамоа. Биз ҳам шунга яраша тайёргарлик кўрдик. Эртага майдонга фақат ғалаба учун тушамиз.
Савол: Катта мусобақалар ва босим ҳақида нима дея оласиз?
Нилуфар Қудратова:
— Бундай йирик беллашувлар бизга катта тажриба беради. Эртанги ўйинда биз ҳеч қандай босим ҳис қилмаяпмиз. Олдин ҳам кучли рақибларга қарши ўйнаганмиз. Футболда ҳар қандай натижа бўлиши мумкин, биз эса бунга тўлиқ тайёрмиз.