Нико Шлоттербек фақат «Реал» учун «Боруссия»дан кетишга тайёр
Дортмунднинг «Боруссия» клуби ва Германия терма жамоаси ҳимоячиси Нико Шлоттербек ўз келажаги борасида бир қарорга келди. BILD нашри тарқатган маълумотларга кўра, футболчи дортмундликлар сафини фақат битта жамоа — Мадриднинг «Реал» клуби таклифи учун тарк этишга тайёрлигини билдирган.
Ҳозирда «қироллик клуби» ҳимоячига жиддий қизиқиш билдирмоқда ва ушбу трансфер 40-50 миллион евро атрофида баҳоланиши мумкин. Шлоттербек «асалариилар» билан 2027 йилда якунланадиган амалдаги шартномасини узайтириш ниятида эмас.
Аввалроқ, «Боруссия» раҳбарияти футболчини ушлаб қолиш учун унинг йиллик маошини уч баравардан кўпроққа, яъни 2,5 миллион евродан 8 миллион евросгача оширишни таклиф қилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ, рад этиб бўлмас молиявий таклифга қарамай, ҳимоячи фаолиятида янги саҳифа очишни афзал кўрмоқда.
Қайд этилишича, германлик иқтидор эгасига «Реал»дан ташқари «Бавария» ва «Барселона» каби гранд клублар ҳам даъвогарлик қилмоқда.
Жорий мавсумда Шлоттербек «Боруссия» сафида барча мусобақаларда 26 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол ва 2 та самарали узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Transfermarkt портали 26 ёшли ҳимоячининг бозор қийматини 55 миллион евро деб баҳолаган.