locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Ника Качарава: “Кейинги учрашувларда ҳам шу руҳда давом этишимиз керак”

Бухоронинг тажрибали ҳужумчиси, Грузия миллий терма жамоаси собиқ футболчиси Ника Качарава илк бор клуб матбуот хизматига ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Ника Качарава: “Кейинги учрашувларда ҳам шу руҳда давом этишимиз керак”
photo: Buxoro fk

Бухоронинг тажрибали ҳужумчиси, Грузия миллий терма жамоаси собиқ футболчиси Ника Качарава илк бор клуб матбуот хизматига ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Ника, аввало жароҳатдан тузалиб майдонга қайтганингиздан хурсандмиз, Суперлига 4-турида жамоамиз сафида дебют қилдингиз, янги мамлакат ва чемпионатга мослашиш жараёнлари қандай кечмоқда?

- Жароҳатдан фориғ бўлиб яна яшил майдонга қайтганимдан мен ҳам хурсандман, кейинги учрашувларда ҳам майдонга тушиб, жамоам учун ёрдам беришни интиқлик билан кутяпман. Мослашиш жараёнлари барчаси аъло даражада кетмоқда.

- “Бухоро” жамоасига қўшилиш варианти сизда қандай пайдо бўлди?
Ўзбек футболи ва мамлакатимиз ҳақида сизда қандай маълумотлар бор эди?

- Барчаси жуда тез содир бўлди, йил бошида “Бухоро” жамоасидан таклиф олдим, таклифни қабул қилиш ҳақида кўп ўйлаб ўтирмадим, чунки Ўзбекистон чемпионатида тўп сурган дўстларим орқали жуда кўп ижобий фикрларни эшитган эдим. Шу туфайли қарор қабул қилиш қийин кечмади.

- Фаолиятингиз давомида яхши савиядаги чемпионатларда тўп сургансиз, Ўзбекистон Суперлигаси даражаси ҳақида қандай фикрдисиз? Сиз ўйнаган чемпионатлар билан солиштирганда қандай фарқлар мавжуд?

- Суперлигада ҳозирча фақат битта учрашув ўтказдим, таққослаш учун ҳали эрта деб ўйлайман. Аммо ҳозиргача кўрганларим шундан иборатки, футболчилар жисмоний жиҳатдан кучли эканлигини таъкидлаб ўтмоқчиман.

- “Бухоро” чемпионатни муваффақиятли тарзда бошлади, жамоамизнинг дастлабки ўйинлардаги ўйини ҳақида қандай фикрдисиз?

- Дарҳақиқат чемпионатда яхши старт олдик, орқада қолган ўйинлар давомида йигитлар жуда яхши ўйин кўрсатишди. Ўйиндан-ўйинга ўзимизга бўлган ишонч ортиб бормоқда. Биз кейинги ўйинларда ҳам шу руҳда давом этишимиз керак.

- Биламизки, отангиз Кахабер Качарава ўз вақтида Грузияда машҳур футболчи бўлган, футболга кириб келишингизга отангиз ҳам сабаб бўлганми?

- Албатта, мен футбол ўйнашни бошлашимга энг катта сабаб отам эди, ёшлигимда унинг ўйинларини кўриб катта бўлганман ва ҳар доим унга ўхшашни хоҳлар эдим.

- Мухлисларимизнинг сиздан бу йилги мавсумдан умидлари катта, ишонамизки мавсум давомида ўз голларингиз билан бухоролик мухлисларни хурсанд қиласиз.

- Мен ҳам бу йилги мавсумдан умидларим катта. Мухлислар ишончини ҳис қилиб турибман. “Бухоро” жамоасининг ғалабаларига ўз голларим билан ёрдам беришга тайёрман.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг