Нигерия мундиалда қуруқ қолгач Конго устидан ФИФАга шикоят қилди
Нигерия футбол федерацияси 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаши доирасида ДР Конго терма жамоасига қарши ўтказилган баҳс (1:1, пенальтилар — 3:4) натижаларидан норози бўлиб, ФИФАга расмий шикоят билан мурожаат қилди. Бу ҳақда ESPN нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Нигерия томони ДР Конго сафида ушбу учрашувда иштирок этган 6–9 нафар футболчи ўйинларда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлмаганини таъкидламоқда. Гап Европада туғилган ва фуқароликни ўзгартириш жараёнида Европа паспортидан расман воз кечмаган футболчилар ҳақида бормоқда. ДР Конго қонунчилигига кўра эса, мамлакатда икки фуқароликка рухсат этилмайди.
Қайд этилишича, ФИФА ушбу шикоят бўйича якуний қарорни март ойида старт оладиган қитъалараро плей-офф баҳсларидан олдин эълон қилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Нигерия терма жамоаси Африка қитъаси саралаш плей-офф финалида ДР Конго билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, пенальтилар сериясида 3:4 ҳисобида мағлуб бўлди. Натижада конголиклар қитъалараро плей-офф йўлланмасини қўлга киритди, Нигерия эса Жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятидан маҳрум бўлди.