Нидерландия етакчи, Япония, Швеция ва Тунис плей-офф учун курашади. F гуруҳи ҳақида гаплашамиз
F гуруҳи шуниси билан аҳамиятлики, барча тўртта жамоада ҳам плей-оффга чиқиш учун ҳақиқий имконият бор. Яққол фаворит – Нидерландия, бироқ уларнинг таркиби рақибларни имкониятсиз қолдирадиган даражада кучли эмас.
Японлар анъанага кўра охиригача курашадилар, майдонда бор кучларини сарфлайдилар ва сўнгги жаҳон чемпионатларида мунтазам равишда гуруҳдан чиқиб келишмоқда. Швеция турнирга қийинчилик билан йўл олди, аммо унинг таркибида Европа футболининг таниқли юлдузлари бор. Тунис тўртинчи ўрин учун асосий даъвогардек кўринмоқда.
Нидерландия
Мураббий
Рональд Куман 2023 йилда яна миллий жамоа бошқарувига қайтди. У аввал ҳам терма билан ишлаган, бироқ пандемия сабаб қолдирилган Европа чемпионатини кутмасдан “Барселона”га йўл олган ва у ерда ишлари юришмади.
Қайтишидан сўнг нидерландияликлар Евро-2024да муносиб иштирок этди: ярим финалгача етиб боришди ва ҳал қилувчи ўйинда Англияга сўнгги дақиқаларда ютқазишди.
Юлдузлар
Жамоанинг етакчиси — Виржил ван Дейк. “Ливерпуль” ҳимоячиси нафақат мудофаа устуни, балки ҳужумларни бошлаб берувчи муҳим фигура ҳамдир. Стандарт ҳолатларда эса асосий хавф манбаи ҳисобланади.
Марказда Френки де Йонг (“Барселона”) ҳимоя билан ҳужумни боғлайди ва прессингдан чиқишда жамоага ёрдам беради.
Ҳужум чизиғида эса Дониэлл Мален алоҳида ажралиб турибди. У қишда “Рома”га ўтиб, А Серияда 18 ўйинда 14 гол урди. Шунингдек, мураббийнинг ишончли шогирди Мемфис Депай (“Коринтианс”) ҳам жамоада бор.
Мақсад
Охирги жаҳон чемпионатида нидерландлар чорак финалгача етиб, кейинчалик чемпион бўлган Аргентинага ютқазган эди. Бу сафар ҳам шу натижани такрорлаш имкони бор, аммо ундан юқорига кўтарилиш қийин кечади.
Катта фаворитларга қарши ўйинларда жамоа аутсайдер сифатида баҳоланади. Бу ерда интизомли ва тизимли ўйин ҳал қилувчи омил бўлиши мумкин.
Чемпионлик эҳтимоли (Opta): 3,6%
Япония
Мураббий
Хадзимэ Мориясу 2018 йилдан буён жамоани бошқариб келмоқда. У Қатар-2022да сенсация яратиб, гуруҳ босқичида Испания ва Германияни мағлуб этган, бироқ 1/8 финалда Хорватияга ютқазган эди.
Мориясу жамоада қаттиқ интизом ўрнатган: футболчилардан максимал меҳнат талаб қилади. Шу боис Япония термаси интизомли, ишчан ва хатолари кам жамоа ҳисобланади.
Юлдузлар
Жаҳонда энг машҳур япон футболчиларидан бири — Каору Митома (“Брайтон”), аммо у жароҳат сабаб мундиални ўтказиб юборади.
Шунга қарамай, таркибда кучли футболчилар етарли. Жумладан, Аясэ Уэда (“Фейеноорд”) ўтган мавсум 25 гол урди.
Шунингдек, Рицу Доан (“Айнтрахт”), Такэфуса Кубо (“Реал Сосьедад”) ҳам жамоанинг муҳим фигуралари.
Марказда Даити Камада (“Кристал Пэлас”), жамоа сардори сифатида эса Ватару Эндо (“Ливерпуль”) ҳаракат қилади.
Швеция
Мураббий
Грэм Поттер саралаш босқичи пайтида жамоага таклиф этилди. У аввал “Челси” ва “”да муваффақиятга эриша олмаган, аммо Швециядаги фаолияти давомида яхши натижалар кўрсатган.
Юлдузлар
Ҳужумда икки катта ном — Виктор Дьекереш ва Александер Исак (“Ливерпуль”). Қанотда Энтони Эланга (“Ньюкасл”), ҳимояда эса тажрибали Виктор Линделеф бор.
Мақсад
Швеция аввалги ЖЧга чиқа олмагани учун бу сафар плей-оффга чиқиш ҳам яхши натижа ҳисобланади. Бироқ гуруҳ жуда мураккаб.
Чемпионлик эҳтимоли (Opta): 0,4%
Тунис
Мураббий
Сабри Лямуши жамоага таклиф этилди. У аввал Кот-д'Ивуар миллий жамоасини бошқарган, аммо катта муваффақиятларга эриша олмаган.
Юлдузлар
Жамоанинг муҳим ўйинчиларидан бири — Ханнибал Межбри (“Бёрнли”). Шунингдек, Рани Хедира ҳам таркибда.
Ҳужумда эса Хазем Мастури (“Динамо” Махачкала) захирадан майдонга тушиши мумкин.
Мақсад
Тунис гуруҳда аутсайдер ҳисобланса-да, плей-офф учун курашиш имконига эга. Жамоа кучли ҳимоя ва қарши ҳужумларга таянади.
Агар улар гуруҳдан чиқса, бу мамлакат футбол тарихидаги катта ютуқ бўлади.
Чемпионлик эҳтимоли (Opta): 0,2%