Неймар ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг 2-турида майдонга қайтиши кутилмоқда
Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси Неймар мушакларидаги жароҳатдан сўнг тикланиш жараёнини ўтмоқда. Тахминларга кўра, футболчи гуруҳ босқичи 2-туридан ўрин олган Гаити терма жамоасига қарши учрашувда майдонга тушишга улгуриши мумкин. Мазкур баҳс 19-июн куни бўлиб ўтиши режалаштирилган. Бу ҳақда Globo нашри хабар тарқатди.
Қайд этилишича, юлдузли футболчининг тикланиш жараёни режа асосида кетмоқда. Жароҳати сабабли Неймар «селесао»нинг Франция (1:2), Хорватия (3:1) ва Панама (6:2) терма жамоаларига қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувларини ўтказиб юборишга мажбур бўлган эди.
Эслатиб ўтамиз, футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида 11 июндан 19 июлга қадар бўлиб ўтади. Амалдаги жаҳон чемпиони эса Аргентина терма жамоаси ҳисобланади.