Неймар Жаҳон чемпионатига бормаслиги мумкин — CNN Brazil
Бразилия футбол федерациясига яқин манбаларнинг хабар беришича, Неймарнинг бўлажак Жаҳон чемпионатида иштирок этиши билан боғлиқ вазият жуда ноаниқ бўлиб турибди. Бу ҳақда CNN Brazil нашри маълум қилди.
Таъкидланишича, федерация раҳбарияти «Сантос» ҳужумчисининг узоқ муддатли танаффуслар ва жисмоний ҳолатидаги муаммолар сабабли турниргача зарур спорт формасини тиклай олишига ишончи қолмаган.
Шунингдек, футболчи ва федерация мутасаддилари ўртасида тушунмовчиликлар юзага келаётгани айтилмоқда. Манбанинг таъкидлашича, Неймарнинг баъзи оммавий баёнотлари ва медиа майдонидаги ҳаракатлари федерация ичида салбий қабул қилиниб, норозилик уйғотмоқда.
Вазиятнинг кескинашувига яқинда бўлиб ўтган «Мирасол»га қарши ўйин ҳам сабаб бўлган. Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти футболчининг ҳолатини шахсан баҳолаш учун ўйинга ташриф буюрган, бироқ Неймар юкламаларни назорат қилиш баҳонаси билан майдонга тушмаган ва ҳатто стадионда ҳам кўринмаган. Федерация бу ҳолатни жуда салбий баҳолаган.
Ички манбаларга кўра, айнан шу воқеа муносабатларнинг ёмонлашувида ҳал қилувчи омил бўлиши мумкин. Ҳозирда федерация Неймарнинг Жаҳон чемпионати қайдномасига киритилиш эҳтимолини минимал даражада баҳоламоқда. Футболчда вазиятни ўзгартириш учун саноқли ўйинлар қолган бўлса-да, айни дамда унинг турнирга бориши шубҳали кўринмоқда.