Неймар сўнгги уч ярим ой ичида илк голини урди
«Сантос» ҳужумчиси Неймар Бразилия А Сериясининг 34-турида «Мирасол»га қарши ўйинда гол урди. Якунда томонлар 1:1 ҳисобида дуранг қайд этишди.
Бу гол Неймар учун сўнгги уч ярим ой ичидаги биринчи бўлди. У охирги марта 18-турда «Жувентуде»га қарши ўйинда дубл қайд этган эди (3:1).
Эслатиб ўтамиз, Неймар сентябрь ўрталарида тизза ости пайидан жароҳат олиб, чемпионатнинг етти ўйинини ўтказиб юборган эди.
«Мирасол»га қарши баҳсда гол уришдан ташқари, Неймар иккинчи бўлим бошида ўз жарима майдончасида қўполлик қилгани билан ҳам эсда қолди. Натижада меҳмонлар ҳимоячиси Рейналдо пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди.
Маълумот учун, Неймар — «Сантос» академияси тарбияланувчиси бўлиб, жамоага 2025 йилнинг январь ойида қайтган эди. Саудиянинг «Ал-Ҳилол» клубидан қайтгач, 33 ёшли вингер деярли бир йил ичида 27 та ўйин ўтказиб, 7 та гол урди ва 3 та голли узатма амалга оширди.