Неймар мухлисга кескин жавоб берди: “Тиззасиз ҳам жамоангиздаги ҳар бир футболчидан яхшироқман”
“Сантос” ҳужумчиси Неймар “Атлетико Минейро”га қарши учрашув вақтида рақиб жамоа мухлисларидан бирига кескин жавоб қайтарди. Жароҳати сабаб майдонга тушмаган бразилиялик футболчи баҳсни “Вила Белмиро” трибуналаридан кузатди.
Учрашув давомида “Атлетико Минейро” мухлислари Неймар томон турли гаплар айтганидан сўнг, 34 ёшли футболчи уларга жавоб берди: “Мен тиззасиз ҳам жамоангиздаги ҳар бир футболчидан яхшироқман”, — деди Неймар.
Баҳс Жанубий Америка кубоги доирасида ўтказилди ва “Сантос” ўз майдонида 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Неймар ҳозирда сон мушагидаги жароҳат сабаб сафдан чиққан ва тикланиш жараёнини давом эттирмоқда.
Маълумот учун, Неймарнинг “Сантос” билан амалдаги шартномаси 2026 йил охиригача мўлжалланган. Бразилиялик футболчи 2017 йилда “Барселона”дан ПСЖга 222 миллион евро эвазига ўтиб, футбол тарихидаги энг қиммат трансферга айланган.