Неймар аёл ҳакамга нисбатан бузуқ сўзлар айтгани учун узоқ муддатга дисквалификация қилиниши мумкин
«Сантос» жамоасининг бразилиялик ҳужумчиси Неймар ҳакам Савио Перейра Сампайога нисбатан бузуқ мазмундаги ҳақоратли ибора ишлатгани учун 5 тадан 10 тагача ўйинга четлатилиши кутилмоқда. Мазкур кўнгилсиз ҳодиса 3 апрел куни Бразилия А Сериясининг 9-тури доирасида кечган ва «Ремо» устидан қозонилган ғалаба (2:0) билан якунланган баҳсдан сўнг юз берган.
Учрашувнинг 86-дақиқасида спортга хос бўлмаган хулқ-атвори учун сариқ карточка олган Неймар ўйиндан сўнг ҳакамнинг қароридан норозилигини қуйидагича баён қилди:
«Бу карточка адолатсиз. Ўйин охирида менга нисбатан жуда қўпол ва асоссиз зарба беришди. Мен бу ҳолатни ҳакам билан муҳокама қилмоқчи бўлганимда, у менга сариқ карточка кўрсатди. Савио — шунақа ҳакам, у бугун «чап оёғи билан турган» (португал тилида Неймар «acordou de Chico» иборасини ишлатган) ва майдонга шундай ҳолатда тушиб келган», — дея футболчининг сўзларини келтирмоқда Sport.es нашри.
Бразилияда «acordou de chico» ибораси аёлларнинг ҳайз кўриш давридаги ҳолатига нисбатан камситувчи ва ҳақоратли маънода қўлланилади. Шунингдек, «chico» сўзи тарихан «чўчқа» ёки «ифлос» деган маъноларни ҳам англатиб келган. Айнан шу сексистик мазмундаги чиқиши сабабли футболчига нисбатан жиддий жаза чоралари кўрилиши кутилмоқда.
Олинган сариқ карточка сабабли Неймар «Фламенго»га қарши навбатдаги муҳим баҳсни барибир ўтказиб юборади. Агар интизом қўмитаси қўшимча дисквалификация ҳақида қарор чиқарса, у жамоасига узоқ вақт ёрдам бера олмайди.
Маълумот ўрнида, Неймар жорий мавсумда барча мусобақаларда 6 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол ва 3 та самарали узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйган эди.