“Навбаҳор”даги молиявий муаммолар ёмонлашмоқда
Сўнгги ҳафталарда “Навбаҳор” клуби атрофидаги вазият жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Асосий сабаб - маҳаллий футболчилар олдидаги қарздорликнинг ҳал этилмаётгани.
Ўзбекистон футболчилар уюшмаси раҳбари Камолиддин Мурзоев маълум қилишича, ёзги трансфер ойнаси клуб учун шартли равишда очилган. Муддат сифатида 10 август белгиланган бўлиб, шу санага қадар қарзлар тўланиши керак эди. Агар маблағ ўзи вақтида берилмаса, рўйхатдан ўтган янги футболчиларнинг лицензиялари бекор қилинишига клуб олдиндан розилик билдирган.
Мурзоев таъкидлашича, бу шунчаки келишув эмас, балки футбол қоидаларида аниқ белгиланган талаб. Бугун футболчилар ўтиши ва мақоми қўмитаси йиғилишида “Навбаҳор”нинг янги таркиби бўйича қарор чиқарилади. Қарздорлик бартараф этилмаса, лицензияларни бекор қилиш билан чекланилмай, кейинги босқичда очко олиб ташлаш масаласи ҳам кўрилиши мумкин.
Айни пайтда, жамоа Суперлиганинг 18-турида “Бобур Арена”да “Андижон”га қарши майдонга тушиши керак. Бироқ мухлислар ўйиндан кўра клубнинг молиявий аҳволи ва унга оид расмий қарорларни кўпроқ муҳокама қилмоқда.