«Навбаҳор» стадионига янги чим босилиб, шароитлар янада яхшиланмоқда
Бу бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси қатъий назоратга олинди.
Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати
Яқинлашиб келаётган футбол мавсумига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида "Навбаҳор" марказий стадионида кенг кўламли таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Жараённи Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов кўздан кечирди.
Ўрганиш давомида чим ётқизиш ишларини жаҳон стандартлари асосида олиб бориш, нафақат футболчилар, балки мухлислар учун ҳам етарли шароит яратиш масалаларига эътибор қаратилди. Бу бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси қатъий назоратга олинди.
Шунингдек, муҳандислик-коммуникация тармоқларини тартибга келтириш ва стадион ҳудудининг эстетик кўринишини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишларни тезлатиш лозимлиги таъкидланди.
Розикжон Султонмуродов
Журналист