Навбахор. Мавсум – 2025 якунлари: Томошабинлар ташрифи
«Навбахор»нинг якунланган мавсумда қайд этган статистик натижалари билан таништиришда давом этамиз.
Ўзингизга маълум, майдондаги футболчиларга мухлисларнинг руҳан қўллаб-қувватлашлари ҳамда далда беришлари ҳам руҳий қувват беради ва ҳужумкорликни ошириш, ғалабага бўлган иштиёқни оширишда муҳим омил бўлиб, хизмат қилади.
Наманган — футболсеварлар вилояти эканлиги, «Навбахор» 1991-йили собиқ иттифоқ биринчи лигасида ўйнаганида, мухлислар ташрифи бўйича Москванинг «Спартак» жамоасидан кейин 2-ўринни эгаллаганлиги ҳам бунга мисол бўла олади.
Наманганлик ишқибозларнинг довруғи Осиё ҳамда МДҲ мамлакатларига тарқалган. Шу боис бўлса керак, бошқа клублар раҳбарлари, мураббийлари ва футболчилари «Навбахор»га ҳавас билан қарашади.
Хўш, ўз мухлислари билан довруғ таратган «лочинлар»нинг мавсум – 2025 даги баҳсларига қанча томошабин ташриф буюрди?
«Навбахор»нинг якунланган мавсумдаги ўйинларини жами 248 470 нафар мухлис бевосита стадионларда томоша қилди. Бу эса «лочинлар» иштирокидаги ҳар бир беллашувга ўртача 8 282 нафар томошабин тўғри келади, дегани.
«Навбахор»нинг ўз майдонидаги 15 та учрашувига жами 144 435 нафар, сафардги 15 та ўйинига эса жами 104 035 нафар ишқибоз ташриф буюрди.
Битта ўйинда энг кўп мухлис тўплаш бўйича рекорд ҳам жамоамизга тегишли. Суперлигасининг 5-туридан ўрин олган, жорий йилнинг 11 апрел куни Намангандаги «Марказий» стадионида бўлиб ўтган «Навбахор» — «Шўртан» (2:0) жамоалари ўртасидаги ўйинга 25 250 нафар (!) томошабин ташриф буюрди.
Биз янги – 2026-йилги мавсумда ҳам «Навбахор»нинг ашаддий ва садоқатли ишқибозларидан шундай фидойиликни кутиб қоламиз.
Навбахор расмий саҳифасидан олинди.