locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Навбахор. Мавсум – 2025 якунлари: Пеналтилар

Суперлига – 2025 мавсумида учрашув ҳакамлари “лочинлар” дарвозасига 8 та ўйинда 11 метрли жарима зарбаси белгилашди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Навбахор. Мавсум – 2025 якунлари: Пеналтилар
photo: Navbahor FK

“Навбахор”нинг якунланган мавсумга оид статистик маълумотлари билан таништиришда давом этамиз. Қуйида пеналтилар борасида тўхталиб ўтамиз.

Суперлига – 2025 мавсумида учрашув ҳакамлари “лочинлар” дарвозасига 8 та ўйинда 11 метрли жарима зарбаси белгилашди (жамоамиз фойдасига белгиланган пеналтилар борасида қуйида тўхталамиз).

“Лочинлар” дарвозасига Намангандаги “Қўқон-1912” (11-тур, 3:0), сафар беллашувларидаги “Сурхон” (6-тур, 1:0), “Қизилқум” (8-тур, 3:2), “Бунёдкор” (10-тур, 2:3), “Насаф” (12-тур, 1:0), “Динамо” (16-тур, 2:2), “Бухоро” (22-тур, 5:0), “Хоразм” (24-тур, 1:1) жамоаларига қарши кечган ўйинларда пеналтилар белгиланди ҳамда ушбу 11 метрли жарима зарбаларини Элгужа Лобжанидже (“Қизилқум”), Имеда Ашортия (“Бунёдкор”), Драган Черaн (“Насаф”), Тома Табатадзе (“Бухоро”) ва Муродбек Бобожонов (“Хоразм”)лар аниқ амалга оширган бўлишса, Жасур Холтораев (“Қўқон-1912”) ва Журани Феррейра (“Динамо”)ларнинг зарбаларига аниқлик етишмади, Кирилл Колесниченко (“Сурхон”)нинг зарбасини эса жамоамиз дарвозагони Шуҳрон Йўлдошев бартараф этди.

Мазкур учрашувларнинг 4 тасида пеналтилар ўйин натижасига таъсир ўтказгани йўқ ҳамда вакилларимиз “Қўқон-1912” (3:0) ва “Бунёдкор” (3:2) жамоаларини мағлубиятга учратишган бўлса, “Динамо” (2:2) ҳамда “Хоразм” (1:1) жамоаларига қарши кечган учрашувларда дурангга имзо чекди.

Қолган баҳсларда эса “лочинлар” имкониятни бой беришди (ўйинлар натижалари юқорида қавс ичида келтирилган).
Кези келганида термизликларнинг россиялик ҳужумчиси Кирилл Колесниченко гарчи пеналтидан самарали фойдалана олмаган бўлса-да, кейинчалик “Сурхон”га ғалаба келтирган ягона голни ҳам урганлигини таъкидлаш жоиз.
Ҳакамлар томонидан “Навбахор” фойдасига 7 та 11 метрли жарима зарбаси белгиланди ҳамда ушбу пеналтилардан 3 тасини маҳоратили ярим ҳимоячи Русланбек Жиянов, шунингдек, яна биттадан 11 метрли жарима зарбаларини якунланган мавсумда “Йил кашфиёти”га айланган Аббосжон Ғуломов ва тажрибали ҳужумчи Забиҳилло Ўринбоевлар аниқ амалга оширган бўлишса, яна биттадан 11 метрли жарима зарбаларидан жамоамиз сардори Азимжон Ахмедов ҳамда Русланбек Жияновлар фойдалана олишмади.

Учрашув ҳакамлари “лочинлар”нинг ўз майдонидаги “Шўртан” (5-тур, 2:0), “Хоразм” (9-тур, 1:0), “Қўқон-1912” (11-тур, 3:0), “Машъал” (14-тур, 6:0) ва “Бунёдкор” (25-тур, 0:2), сафар беллашувларидаги “Бунёдкор” (10-тур, 2:3) ҳамда “Динамо” (16-тур, 2:2) жамоалари билан кечган ўйинларида рақиблар дарвозасига пеналтилар белгилашди.
Вакилларимиз ушбу учрашувлардан 5 тасида ғалаба қозонишган бўлса, Самарқандда дурангга имзо чекди (2:2), “қалдирғочлар” билан Наманганда кечган ўйинда эса имкониятни бой беришди (0:2).

Яна шуни ҳам айтиш жоизки, тажрибали ҳимоячи Азимжон Ахмедовнинг пеналтиси учрашув тақдирига ҳеч қандай таъсир кўрсатмай, ўша баҳсда “лочинлар” ғузорликлар устидан 2:0 ҳисобига зафар қучишган.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг