Науриз Алимов: «Раҳбарият томонидан Про лигага чиқмаслик ҳақида ҳеч қандай чеклов қўйилмаган»
Қорақалпоғистон ФА жамоаси бош мураббийи Науриз Алимов Лига матбуот хизмати учун махсус интервью берди.
— Сизни бош мураббийликка ким таклиф қилди?
— Жамоага бош мураббий этиб тайинланишим арафасида академия директори Дамир Искендеров менга ишонч билдирди. У киши ушбу лавозимни менга ишониб топшираётганини айтди. Шундай ишончни ҳис қилганимдан сўнг, иккиланмасдан бу масъулиятни зиммамга олдим ва ишни катта иштиёқ билан бошладик.
— Ҳозирда сиз билан клубда яна қандай малака-ли мутахассислар ишламоқда?
— Айни пайтда мураббийлар штабида тажрибали мутахассислар Жэнис Жумабаев ва Султан Шерманов билан бирга фаолият олиб боряпмиз. Улар ўз маслаҳатлари ва тажрибалари билан жамоага катта ёрдам бермоқда. Мақсадимиз – футболчиларни ҳар томонлама ривожлантириб, юқори савияга олиб чиқиш.
— Жамоа тузилиш жараёни қандай кечди?
— Президентимиз ташаббуси билан барча футбол академияларига Биринчи лигада жамоа ташкил этиш имконияти яратилди. Бу қарор нафақат бизни, балки барча академияларни хурсанд қилди. Чунки бу ёш футболчилар учун катта футболга ўтишда муҳим босқич ва бебаҳо тажриба мактаби бўлиб хизмат қилмоқда. Менимча, бу қарор ўзини тўлиқ оқлаяпти.
— Қайси футболчилар бошқа клублардан олиб келинди?
— Биз бошқа клублардан футболчиларни жалб қилмадик. Аксинча, асосий вазифамиз иқтидорли ёшларни тайёрлаб, уларни юқори босқичга етказишдан иборат. Қорақалпоғистонда Про лигада иштирок этаётган Арал ва Жайҳун жамоалари мавжуд. Бизнинг мақсадимиз ёшларни айнан шу клубларга тайёрлаб бериш, келажакда эса маҳаллий футболчилар сонини кўпайтириш ва уларнинг Суперлига ҳамда миллий терма жамоа даражасига чиқишига замин яратишдир.
— Ўзбекистон кубоги саралаш босқичи ҳақида фикрингиз?
— Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган саралаш баҳслари жуда қизиқарли ва муросасиз кечди. Ёш футболчиларимиз Суперлига клубларига қарши майдонга тушиб, юқори даражадаги футбол муҳитини ҳис қилишди. Бу эса уларга катта мотивация берди ва ўз устида янада кўпроқ ишлашга ундайди, деб ҳисоблайман.
— Ўзбекистон кубоги мусобақаси ҳақида фикр билдирсангиз.
— Гуруҳимиздан Суперлиганинг Навбаҳор ва Хоразм ҳамда Про лигасининг FarDU жамоалари ўрин олди. Суперлига вакилларига қарши учрашувларда асосий мақсадимиз футболчиларни қўрқмасдан, ўз имкониятларини намоён этишга ундаш эди. FarDUга қарши баҳсни ҳам яхши бошлаган эдик. Бироқ ўйин бошида қизил карточка олганимиз учрашув тақдирига жиддий таъсир кўрсатди ва йирик ҳисобдаги мағлубиятга сабаб бўлди. Агар қизил карточка бўлмаганида, рақибга анча жиддий қаршилик кўрсатган бўлардик.
— Жамоангиз биринчи даврада мағлуб бўлмади. Бунга қандай эришдингиз?
— Бунинг асосий сабаби футболчиларимизнинг ўз кучига бўлган ишончи, деб ўйлайман. Ўзбекистон кубогида кучли жамоаларга қарши ўйнаб орттирган тажрибамиз ҳам катта фойда берди. Футболчиларни жисмоний, техник ва руҳий жиҳатдан пухта тайёрлашга ҳаракат қилаяпмиз. Бундан ташқари, турнир жадвалида пешқадам бўлиб турган жамоага қарши ҳар бир рақиб алоҳида иштиёқ билан майдонга тушишини ҳам ҳисобга олиб, футболчиларга ҳар бир учрашувда охиригача курашиш кераклигини доим таъкидлаб келамиз.
— Жорий мавсум учун раҳбарият томонидан қандай вазифа қўйилган?
— Асосий вазифамиз – ёш футболчиларни тарбиялаб, уларни Арал ва Жайҳун жамоаларига етказиб бериш ҳамда келажакда ушбу клубларнинг асосий таркибини маҳаллий футболчилар ташкил этишига эришишдир. Шу билан бирга, агар мавсум якунида Биринчи лига чемпиони бўлиб, Про лига йўлланмасини қўлга киритсак, бу академиямиз учун катта ютуқ бўлади. Раҳбарият томонидан Про лигага чиқмаслик ҳақида ҳеч қандай чеклов қўйилмаган. Аксинча, бизни қўллаб-қувватлаб, имкон қадар юқори натижага эришишга ундашаётгани ҳис қилинади. Биз ҳам шунга муносиб ҳаракат қиляпмиз ва футболчиларимизга ишонамиз.