«Napoli» яримҳимоячиси ўз боғига Марадона ҳайкалини ўрнатди
«Napoli» яримҳимоячиси Билли Гилмор ижтимоий тармоқларда ўз боғига Неапол клуби афсонаси Диего Марадонага бағишланган, унинг бўй-басти билан бир хил бўлган ҳайкални ўрнатгани ҳақида видео жойлаштирди. Ҳайкал муаллифи — рассом Стефано Сеси. Ушбу ҳайкал Фуоригроттадаги стадионнинг трибуна ости йўлагида ўрнатилган ҳайкалнинг айнан нусхаси ҳисобланади.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, аввалроқ «Napoli»нинг яна бир яримҳимоячиси Скотт Мактоминей ҳам ўз ҳовлисига Марадона ҳайкалини ўрнатган эди.
Марадона 1984 йилдан 1991 йилга қадар «Napoli» шарафини ҳимоя қилган. Неаполликлар сафида ўтказган 258 та ўйинида у 115 та гол урган ва 76 та голли узатмани амалга оширган. Марадона клуб билан бирга икки бор Серия А, Италия Кубоги, УЕФА Кубоги ва Италия Суперкубоги ғолиби бўлган.