«Наполи» спорт директори Лукаку борасидаги вазиятга муносабат билдирди: «Клуб ҳар доим биринчи ўринда бўлиши шарт»
«Наполи» спорт директори Жованни Манна жамоа ҳужумчиси Ромелу Лукакунинг клуб ихтиёрига қайтишдан бош тортгани билан боғлиқ вазият юзасидан баёнот берди. Бу ҳақда таниқли инсайдер Фабрицио Романо хабар бермоқда.
«Биз Ромелудан қайтишни сўраганимизда, у қолишга қарор қилди ва жароҳатини баҳолаш учун Бельгияда қолди. Клуб манфаати ҳар доим биринчи ўринда туриши керак. Биз бу борада тегишли чоралар кўрамиз», — дея функционернинг сўзларини келтирмоқда Романо.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бельгиялик форвард терма жамоа ихтиёрини тарк этгани ва шахсий мураббийи билан бирга индивидуал дастур асосида машғулотларга киришгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Маълумот учун, Лукаку жорий мавсумда «Наполи» сафида барча мусобақаларда жами 7 та учрашувда майдонга тушиб, битта гол уришга эришди. Ҳужумчи ёзда олган жароҳати сабабли мавсумнинг катта қисмини ўтказиб юборишга мажбур бўлган эди.