“Наполи” Скотт Мактоминейга янги шартнома таклиф қилмоқчи
Италиянинг “Наполи” клуби ярим ҳимоячи Скотт Мактоминей билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида. Клуб раҳбарияти яқин вақт ичида футболчига янги шартнома таклиф қилиши кутилмоқда.
Football Italia хабарига кўра, “Наполи” президенти Аурелио Де Лаурентис ҳамда клуб спорт директори Жованни Манна яқин ҳафталарда шотландиялик футболчи билан учрашиб, янги келишув шартларини муҳокама қилади.
Мактоминейнинг “Наполи” билан амалдаги шартномаси 2028 йилгача мўлжалланган. Шунга қарамай, неаполликлар футболчининг жамоа учун муҳим ўйинчига айланганини инобатга олиб, уни узоқ муддатга сақлаб қолишни режалаштирмоқда.
Шотландиялик ярим ҳимоячи “Наполи”га 2024 йил ёзида “Манчестер Юнайтед”дан кўчиб ўтган эди. У Италия клубига тез мослашди ва ўзининг жисмоний кучи, майдон марказидаги фаоллиги ҳамда ҳужумдаги самарадорлиги билан жамоа ўйинида муҳим рол ўйнай бошлади.
2025/26 йилги мавсумда Мактоминей “Наполи” сафида барча турнирлар доирасида 44 та учрашувда майдонга тушиб, 14 та гол ва 4 та голли узатмага муаллифлик қилди.
Аввалроқ Мактоминей Шотландия терма жамоаси билан ЖЧ-2026даги иштирокини якунлаган эди. Шотландия C гуруҳида учинчи ўринни эгаллаб, мусобақани тарк этди.
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, айни вақтда футболчининг трансфер қиймати 40 миллион еврога баҳоланмоқда.