Наманган вилояти ҳокими «Навбаҳор» мухлислари билан учрашди
Наманган вилояти ҳокими, вилояти футбол ассоциацияси президенти Шавкатжон Шокиржонович Абдураззоқов янги мавсум олдидан «Навбаҳор» жамоаси фан-клуби аъзолари ҳамда фахрий мухлислар билан учрашув ўтказди.
«Марказий» стадионининг анжуманлар залида бўлиб ўтган учрашувда вилоят ИИБ бошлиғи Шуҳрат Алиев, «Навбаҳор» ПФК раҳбарияти, ёшлар жамоалари мураббийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида бўлажак мавсумга пухта тайёргарлик кўриш, севимли жамоамизни сафар ҳамда уй учрашувларида тартибли ҳамда кўтаринки руҳда қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, фан-клуб аъзолари ва фахрий мухлислар учун ягона формаларни жорий этиш, янги, жарангдор шиорларни яратиш, стадионда мухлислик маданиятига риоя қилиш, ёш авлод ўртасида футболга қизиқишни янада ривожлантириш каби масалалар юзасидан вилоят раҳбари томонидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда мухлислар «Навбаҳор»нинг сўнгги йиллардаги муваффақиятлари, қўлга киритилган зафарлар ва жамоа аввалги обрўсини тиклаётгани борасида мамнуният билан сўз юритдилар. Таъкидланганидек, бугунги кунда «Навбаҳор» юртимиз футболида ўзига хос брендга айланган.