Наманган вилояти ҳокими Марказий стадиондаги таъмирлаш ишлари билан танишди
Наманган вилоятида спорт инфратузилмасини ривожлантириш, оммавий спортни қўллаб-қувватлаш ҳамда яқинлашиб келаётган спорт мавсумига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида, катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. Намангандаги "Марказий" стадионидаги ишлар ҳам бундан мустасно эмас.
Бугун Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Шокиржанович Абдураззоқов "Марказий" стадионига ташриф буюрди. Ташриф давомида ўйингоҳда амалга оширилаётган таъмирлаш ишлари қандай олиб борилаётгани кўздан кечирилиб, "Навбаҳор"нинг асосий ва ёшлар жамоалари янги мавсумда ўзи иштирок этадиган мусобақаларда муносиб иштирок этишлари учун барча шароитларни талаб даражасида бажариш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди. Наманганлик футболсевар мухлислар "Навбаҳор" жамоамиз иштирокидаги уй ўйинларини кўриш учун узоқ йўл босиб, сафар қилиб қийналмасликлари, ўзлари учун жонажон бўлган "Марказий" стадионда туриб томоша қилишлари кераклиги таъкидланиб, иш жараёни суръатини ошириш ва мумкин қадар мухлисларни соғинтириб қўймаслик топшириғи берилди.