Нагельсманн «МЮ» бошқарувини қўлга олмайди — манба
Германия терма жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагельсманн яқин келажакда «Манчестер Юнайтед» бошқарувини қўлга олиши амримаҳол. Manchester Evening News нашри журналисти Стивен Райлстоннинг хабар беришича, ушбу тайинлов юз бериши эҳтимоли жуда паст.
Бунга асосий сабаб сифатида мураббийнинг Германия футбол иттифоқи (DFB) билан тузган амалдаги шартномаси кўрсатилмоқда. Мазкур келишув 2028 йилнинг ёзига қадар амал қилади. Бундан ташқари, ёзида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати Нагельсманннинг терма жамоа билан банд бўлишини тақозо этади.
Бу эса унинг «Манчестер Юнайтед»нинг янги мавсумга тайёргарлик жараёнига тўлиқ жалб этилишига тўсқинлик қилади.
«Манчестер Юнайтед» раҳбарияти бош мураббий масаласига имкони борича тезроқ ойдинлик киритишни мақсад қилган. Шу сабабли, ёзга қадар кутуш клуб учун ноқулай вариант ҳисобланади ва бу омил музокаралар учун жиддий тўсиқ бўлиши мумкин.