«МЮ»нинг Роналдунинг жамоага қайтиши борасида позицияси маълум бўлди
Сўнгги кунларда футбол оламида Криштиану Роналдунинг «Манчестер Юнайтед»га қайтиши борасидаги миш-мишлар яна авж ола бошлади. Ҳатто 40 ёшли ҳужумчи «қизил иблислар» сафида тўп суриш учун маошининг сезиларли даражада камайишига ҳам рози экани айтилмоқда эди. Бироқ, TEAMtalk нашри тарқатган маълумотга кўра, манкуниянликларнинг ёзги трансфер режасидан португалиялик юлдуз ўрин олмаган.
Манбанинг таъкидлашича, Роналдунинг 2022 йилда жамоани тарк этишидан олдин берган шов-шувли интервьюси томонлар ўртасидаги муносабатларни бутунлай узиб юбормаган. Шунга қарамай, «Юнайтед» раҳбарияти ва мураббийлар штаби айни дамда фахрий форвардни таркибга қайтариш вариантини кўриб чиқмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ОАВда Криштианунинг «Ан Наср» клубидаги ривожланиш стратегиясидан кўнгли тўлмаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Маълумот учун, Криштиану Роналду «Манчестер Юнайтед» шарафини икки даврда (2003–2009 ва 2021–2022 йиллар) ҳимоя қилган. Бу вақт ичида у барча турнирларда жами 346 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 145 та гол ва 73 та голли узатма ёздириб қўйишга муваффақ бўлган.