«МЮ» «Вест Хэм» юлдузларига кўз тикмоқда
«Манчестер Юнайтед» клуби келаётган ёзги трансфер ойнасида «Вест Хэм» вингери Жаррод Боуэн ҳамда жамоа ярим ҳимоячиси Матеуш Фернандешни сотиб олиш вариантларини кўриб чиқмоқда.
Агар Лондон клуби жорий мавсум якунларига кўра Англия Премьер-лигасини тарк этадиган бўлса, «қизил иблислар» ушбу футболчилар бўйича ҳаракатларни фаоллаштириши мумкин. Бу ҳақда Football Insider нашри хабар бермоқда.
Манбанинг ёзишича, қизиқишларга қарамай, Боуэн манкуниянликларнинг ёзги трансферлар учун асосий ва биринчи даражали нишони ҳисобланмайди. «Манчестер Юнайтед» кўпроқ Фернандешни ўз сафига қўшиб олишга иштиёқ билдирмоқда.
Қайд этилишича, «болғачилар» португалиялик футболчи учун тахминан 50 миллион фунт стерлинг (58 миллион евро) талаб қилишлари мумкин.